Жорий йилнинг 29 январь куни пойтахтимизда Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси томонидан “Ягона интерактив давлат хизматлари портали фаолияти: эришилган натижалар ва истиқболдаги режалар” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.
Тадбирда лойиҳа мутахассислари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Ягона портал Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 14 февралдаги Қарорига мувофиқ тасдиқланган “Обод турмуш йили” Давлат дастури ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 30 декабрдаги “Интерактив давлат хизматлари кўрсатишни ҳисобга олган ҳолда Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат портали фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига биноан 2013 йилнинг 1 июлида ишга туширилган эди. Шу давр оралиғида my.gov.uz фаолияти такомиллашиб, аҳоли учун зарур интерактив хизматлар, керакли маълумотлар жорий қилинди.
Айни вақтда Ягона порталга 300 та давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, жойлардаги вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари уланган.
Бугунга қадар Ягона портал орқали 6 мингдан зиёд фуқаролар мурожаатлари давлат органларига юборилган, улардан 4 700 (76%) тасига ваколатли давлат идоралари томонидан муносабат билдирилган. Мазкур мурожаатларнинг 660 (11%) таси юридик шахслар томонидан йўлланган. Ягона портал фойдаланувчиларига фуқаро мурожаатларига нисбатан давлат идоралари муносабатларини 5 баллик шкалада баҳолаб бориш, шунингдек, уларга изоҳ қолдириш имкони яратиб берилган бўлиб, шу кунгача фойдаланувчилар томонидан 25,9 фоиз давлат идоралари жавоблари баҳоланган. Мурожаатларга нисбатан давлат идораларининг муносабатлари аҳоли томонидан ўртача 3.5 балл билан баҳоланган.
— Электрон ҳукумат тизимини самарали жорий этишнинг асосий шарти бу аҳолининг эҳтиёжларини ўрганиб чиқишдир, — дейди Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси жамоатчилик билан алоқалар бўйича етакчи мутахассиси Шуҳрат Сатторов. — Бугун фуқароларнинг аксарият қисми ахборот технологияларидан унумли фойдаланмоқда ва бу йўналишда маълум кўникмаларга эга. Ягона портални жорий этишда ҳам бу омилларга катта эътибор қаратилди. Аҳолининг эҳтиёжларини ўрганиш мақсадида порталда махсус хизмат таклиф қилиш модули ишга туширилди. Бу хизмат орқали фуқаролар ўз таклифларини киритиши мумкин. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликдаги биометрик паспорт олиш бўйича фуқароларнинг электрон навбатга туриши лойиҳаси ҳам юртдошларимиз таклифи асосида синов тариқасида Ягона порталда жорий қилинган. Ягона портал аҳолининг ижтимоий фаоллигини ошириш билан бирга давлат органларида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилмоқда. Аҳолининг интернетдан фойдаланмайдиган қисмига телефон қўнғироқлари воситасида мурожаат қилишига шароит яратилган. Бугунги кунгача мингдан зиёд мурожаатлар қабул қилинган.
Мазмуни жиҳатидан, йўлланган мурожаатларнинг аксарият қисми (1907 таси) давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолияти, турли мавзулар (504 таси), коммунал хизматлар (375таси) билан боғлиқ.
Таҳлиллар Ягона портал фойдаланувчиларининг 80 фоизи мурожаатларига электрон почта орқали жавоб олишни маъқул кўришларини кўрсатмоқда.
Матбуот анжуманида Ягона портал ишлаб чиқувчилари томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун жорий қилинган хизматлар хусусида тўхталиб ўтилди. Хусусан, тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш учун аризани онлайн топшириш, биометрик паспорт олиш учун онлайн навбатга ёзилиш, мавжуд бўш ўринлар хизмати, архив маълумотномаларини онлайн усулда олиш ва бошқа хизматлар ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, тадбирда my.gov.uz нинг фойдаланувчини мурожаат ҳолатидан СМС-огоҳлантириш усулида бохабар қилиб бориш, уни электрон рақамли имзо ёрдамида имзолаш, мурожаатни баҳолаш ва унга изоҳ қолдириш, мурожаатни Ягона порталнинг Андроид платформасида ишловчи мобиль иловаси орқали юбориш каби имкониятларига ҳам урғу берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 17 январдаги мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида жорий йилда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда рухсат бериш ва рўйхатга олиш жараёнларини электрон шаклда расмийлаштириш, коммунал, солиқ ва божхона йўналишларидаги хизматларни интерактив шаклда тақдим этишни такомиллаштириш кўзда тутилган.
Таббирда маълум қилинганидек, Ягона интерактив давлат хизматлари порталида бўлиши лозим бўлган хизматлар рўйхати белгилаб олингани, унинг фаолиятини янада ривожлантириш, аҳолига яратилган имкониятларни кенгайтириш мақсадида 2014 йилда судланмаганлик тўғрисидаги маълумотномани олиш учун аризани онлайн расмийлаштириш, тадбиркорларнинг божхона юк деклорациясини онлайн расмийлаштириш, давлат органи раҳбарлари қабулига онлайн ёзилиш, юридик шахсларга кўчмас мулк учун эгалик ҳуқуқини онлайн расмийлаштириш, пенсия тўловлари ва бошқа бир қатор маълумотларни олиш каби янги хизматлари жорий этилади.
Матбуот анжуманида журналистлар томонидан берилган саволларга, мулоҳаза ва таклифларга қўмита ҳамда “Uzinfocom” маркази масъул ходимлари томонидан муносабат билдирилди.
Манзура БЕКЧОНОВА,
38532 marta ko`rilgan
Yuborilmoqda...